Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент ислом институти "Ақоид ва фиқҳий фанлар" кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқовнинг падари бузруквори Ҳабибуллоҳ ота Раззоқов вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Оламдан ўтган отахоннинг барча солиҳ амалларини Аллоҳ таоло ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз».
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик”, “Яккатут” ва “Ардахшон” жоме масжидларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида соҳа мутасаддилари, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамда намозхонлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Аллоҳнинг уйларини обод этишнинг улуғ фазилати, масжид қурилишига ҳисса қўшган инсонларнинг ажру мукофотлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, масжидларни нафақат моддий, балки жамоат билан ибодатларни адо этиб, маънавий жиҳатдан обод қилиш ҳар бир мўмин учун муҳим экани таъкидланди.
Юртимизда истиқлол айёми муносабати билан эшикларини очган ушбу янги масжидлар намозхонлар учун замонавий ва қулай шароитларда ибодатларини адо этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти
Матбуот хизмати