Динимиз инсонлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва биродарликни асосий қадриятлардан деб таълим беради. Аммо баъзи кимсалар борки, улар худбинлик, ҳасадгўйлик, ва ғаразгўйлик сингари хасталиклар таъсирида инсонлар орасида фитна тарқатади. Ушбу разил одат "фитнакорлик" деб аталади ва у жамиятнинг парокандалигига, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишга ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Бинобарин, Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда фитнанинг зарари жуда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 191-оятида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб унинг ёмонлигини хабар қилган. Яъни фитнанинг жамиятга етказадиган зарари ҳатто одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.
Фитнакор кимса бошқаларни бир-бирига қарши қўйиш, ёлғон гап тарқатиш, одамлар қалбига шубҳа уруғини экиш ёки гапни чувалаштириб бошқаларнинг муносабатларига путур етказиш билан шуғулланади. Унинг гаплари тўғридек туйилса-да, аслида мақсади ёмон. Бундай кимса бошқаларнинг тинчини бузади, одамлар ўртасига раҳна солади, жамиятда норозилик уруғини экади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар.
Фитнакорлик илдиз отган жамиятда ўзаро ишонч йўқолади; оилалар пароканда бўлади; эру хотин, ака-ука, дугона ёки дўст ўртасида адоват пайдо бўлади; юртда беқарорлик юзага келади; Аллоҳ асрасин, агар фитна сиёсий, ижтимоий ёки диний даражада бўлса, бутун мамлакат тинчлигига таҳдид солади; фитнакор кимса Аллоҳнинг лаънати ва азобига дучор бўлади. Чунки фитна тарқатиш бу – нафақат инсонларга, балки дини мубийнимизга ҳам қарши жиноятдир.
Шундай экан, ҳар бир мўмин киши фитнакорликдан қочиши лозим. Бунинг учун тилини эҳтиёт қилиб, бекорчи гап-сўзлардан сақланиши, беҳуда муҳокамаларга аралашмаслиги; эшитган гапини рост ёки ёлғонлигини билмасдан туриб тарқатмаслиги; одамларнинг орқасидан гапирмаслиги, адолатли ва ниятини холис қилиши; дуогўй бўлиб ёшу қарига эзгу ниятли бўлиши керак.
Хуллас, фитнакорлик – ҳар қандай жамиятни емирувчи хатарли иллатлардан биридир. Бу иллатдан қочиш, унинг олдини олиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки фитна бўлган жойда барака, тинчлик ва дўстлик бўлмайди. Демак, биз ўзимиздан бошлаб фитнадан сақланишимиз, бошқаларни ҳам ундан огоҳлантириб, жамиятимизни соғлом ва биродарлик асосида қуришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Дарҳақиқат, Раббимиз фитнага аралшганларнинг азоби қаттиқ бўлишини айтиб, бандаларини қуйидагича огоҳлантириб қўйган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Мансурхон ЎРОЛОВ,
“Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати