Ҳамюртларимиз айни кунларда Расулуллоҳ ﷺ шаҳарлари — муборак Мадинада ибодат ва зиёратлар билан машғул. Муборак сафарга Фатво маркази уламоси ва тажрибали элликбошилар бошчилик қилмоқда.
Улар зиёратчиларни Уҳуд тоғи ва Қубо масжидларига олиб бориб, бу муборак жойларнинг Ислом тарихида тутган ўрни ҳақида таъсирли маърузалар қилдилар.
Мадина ҳавосидаги сукунат, уламоларнинг қалбга кириб борувчи сўзлари ва зиёратчиларнинг ихлосли дуолари — ҳар бир инсонга завқу шавқ бағишлайди.
Аллоҳ таоло бу сафардaги ҳамюртларимизнинг ибодат ва зиёратларини қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати