Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Сентябр, 2026   |   13 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:53
Қуёш
06:12
Пешин
12:15
Аср
16:30
Шом
18:21
Хуфтон
19:36
Bismillah
24 Сентябр, 2026, 13 Рабиъус сони, 1448

Уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ

17.10.2025   13388   3 min.
Уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!», деди у.

Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига шундай деди:

- Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!

Хотин деди:

Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.

Эр деди:

- Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғуда ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.

Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:

- Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди: «Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар, ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оятдан).


Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас. Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.

Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга раҳбар ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!

Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.

Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!

Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!

Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!

Ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.

Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Эътибор ва рағбатлар янада масъулият билан ишлашга ундамоқда”

24.09.2026   6290   10 min.
“Эътибор ва рағбатлар янада масъулият билан ишлашга ундамоқда”

Хоразм вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев билан суҳбат

– Ассалому алайкум муҳтарам қози домла. Аввало, вилоят вакиллигининг кўркам янги биноси муборак бўлсин. Жуда гўзал, файзли масканга эга бўлибсизлар...

– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Раҳмат, алҳамдулиллаҳ. Дарҳақиқат, бу йил вакиллик фаолиятидаги энг қувонарли янгиликлардан бири замон талаблари асосида барпо этилган янги маъмурий бинога кўчиб ўтганимиз бўлди. Албатта, бу ютуқлар замирида муҳтарам Юртбошимизнинг диний соҳага қаратаётган алоҳида эътибори турибди.

Энди вилоятдаги барча имом-хатиб ва имом-ноиблар бир жойга жамлана олади. Йиғилишлар, ўқув-семинарлар, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва бошқа йирик тадбирларни бевосита вакилликнинг ўзида ўтказиш имкониятига эгамиз. Шунингдек, янги бинода кичик мажлислар зали, ахборот-медиа фаолияти ва тасвирга олиш учун махсус хоналар ҳам ташкил этилди.

Фаолиятимиздаги яна бир қувончли воқеа – 2025 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашрлари бўлган «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари ва «Ислом нури» газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этганимиз учун вакиллигимиз дамас автомобили билан тақдирлангани бўлди. Бу эътибор ва рағбат жамоамиз учун янада катта масъулият юклади.

– Сиз илк бор Хоразм вилояти вакили сифатида фаолият бошлаган даврда ҳолат қандай эди, бугун-чи?..

- Бундан роса 11 йил олдин – 2015 йилнинг май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўша даврда вакиллик ўз биносига эга эмасди. Фаолиятни атрофлича таҳлил қилиб, соҳадаги мавжуд ҳолат, муаммо ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тизимли ёндашувни талаб этадиган устувор вазифаларни белгилаб олгандик.

Ўтган йиллар давомида аниқ мақсад ва режалар асосида изчил, босқичма-босқич ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, бу жараёнда фақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан чекланиб қолмасдан, вакиллик фаолиятини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, унинг бошқарув ва назорат механизмларини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилди.

Бугунги кунда вакилликда 19 нафар малакали, ўз ишининг билимдони бўлган ходим фаолият юритмоқда. Масжидлар билан ишлаш, ҳаж ва умра, ахборот-медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, кадрлар масалалари, молия-хўжалик каби муҳим йўналишлар бўйича бўлимлар ташкил этилди. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.

Муфтий ҳазратларининг бевосита бошчиликларида масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари мунтазам ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан, хотиржам, масъулият билан адо этишлари учун муҳим омил бўлмоқда.

Вилоятга ажратиладиган ҳаж квоталари ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

– Вилоятда айни пайтда қанча масжид бор? Масжидлар ва уларда фаолият олиб бораётган имом-домлаларнинг замон билан ҳамнафас бўлиши борасида ҳам тўхталсангиз...

– Масжидлар борасида катта ўзгаришлар бор. Ҳозир вилоятимизда 98 та жоме масжид фаолият юритмоқда. Ўтган йиллар давомида 27 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 10 дан ортиқ масжидда кенг кўламли таъмирлаш ишлари қилинди. 35 дан ортиқ таҳоратхона тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.

Имом-хатиблар учун ўқув-семинарлар, малака ошириш машғулотлари, Қуръон ва тажвид бўйича амалий дарслар ташкил этилмоқда. Жумладан, 2026 йилда Хоразм вилоятида имом-хатиб ва имом ноиблар учун қироат дарслари ўтказилди.

Имом-домлаларимиз фаолияти фақат масжид ва диний маросимларни ўтказиш билан чекланиб қолмай, улар маҳалла, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ёшлар, хотин-қизлар, меҳнат мигрантлари ва бошқа ижтимоий қатламлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Имом-хатиблар учун мунтазам равишда малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва амалий машғулотлар ташкил этиш йўлга қўйилди. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар, маънавий-маърифий учрашувлар ва манзилли тарғибот ишларининг кўлами ҳам сезиларли даражада кенгайди. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини кенг тарғиб этиш, ёт ғояларга қарши маърифий иммунитетни кучайтириш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш, атроф-муҳитни асрашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари йилига 17 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, хайру эҳсон ва саховат тадбирларини ташкил этиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, оилаларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вакилликнинг бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги, имом-хатиблар ва отинойиларнинг диний маълумотини ошириб бориш йўлида қилинаётган амалий ишларнинг самаралари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

– Вилоят ҳокимлиги ва тегишли давлат ташкилотлари, маҳаллий идоралар, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик асосида иш олиб борамиз. Бу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги тинчлик- осойишталикни асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни соғлом эътиқод ва миллий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишдир.

Вакиллик тизимида 175 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб бор. Уларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида малака ошириш курслари билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Охирги бир йилда 29 нафар имом-хатиб, 22 нафар имом-ноиб Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ошириб келди.

Қиёс учун, 2015 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг 11 нафари олий маълумотга эга эди. Ҳозиргача 55 нафар имом-хатиб диний олий маълумотли бўлди. 8 нафар имом-хатиб ва 1 нафар имом-ноиб магистрлик даражасини олди, 3 нафар имом-хатиб эса докторантура босқичида таҳсил олмоқда. 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида ўқияпти. Яқин истиқболда имом-хатибларимизни 100 фоиз олий диний маълумотли қилиш ниятидамиз. Шу билан биргада 8 нафар имом-хатиб томонидан 12 та диний маърифий китоблар нашр этилди.

Отинойилар фаолиятини ягона тизим асосида ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда фаолият юритаётган 281 нафар отинойининг малакасини мунтазам ошириш, иш самарадорлигини ўрганиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг диний саводхонлигини ошириш, мурожаатларини ўрганиш, оилавий муҳитни соғломлаштириш ва маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

– Аҳолининг диний саводхонлигини оширишга хизмат қилаётган Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув курси фаолияти ҳақида ҳам тўхталсангиз?

– “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта-махсус ислом таълим муассасасида Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув курси фаолияти йўлга қўйилган. Тингловчиларни рўйхатга олиш китоблари рақамланиб, муҳрланган ҳамда уларни электрон шаклда юритиш ташкил этилган. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилади.

Бугунги кунга қадар курсларга 10 мингдан зиёд тингловчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 4 мингдан ортиғи ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли топшириғига асосан, 2025 йилдан бошлаб Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш курсларида ўқиш истагини билдирган 60 ёш ва ундан юқори бўлган фуқароларни навбатсиз, алоҳида квота асосида қабул қилиш йўлга қўйилди. Шунингдек, 2026 йил ёз ойларида мактаб ва олий таълим муассасаларида дарс берувчи педагогларнинг меҳнат таътили вақтлари ҳисобга олиниб, 15 та квота ташкил этилди. Бу ишлар Қуръони каримни ўрганиш истагида бўлганлар учун янада қулай имкониятдир.

– “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали томонидан ижтимоий кўмак, масжид-мадрасаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай хайрли ишлар амалга оширилмоқда?

– Шу йилнинг бошидан буён филиал томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд 2 869 та оилага жами 5 миллиард 49 миллион 104 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Эътиборли жиҳати, 2025 йил Рамазон ойида боқувчисини йўқотган оилаларга 3 та уй-жой қуриб берилган бўлса, айни пайтда яна 9 та уй қуриб битказилиб, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эзгу ишлар халқимизга хос меҳр-оқибат ва саховатнинг яна бир амалий ифодасидир.

Фонднинг хайрли ишлари таълим соҳасини ҳам қамраб олган. Хусусан, “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида таҳсил олаётган, контракт тўловини амалга оширишда қийналаётган 8 нафар талабага жами 76 миллион сўм миқдорида контракт тўловлари тўлаб берилди. Таълим муассасасининг ташқи қиёфаси ва ободлигига ҳам эътибор қаратилиб, мадраса ташқи деворларини пардозлаш ва таъмирлаш ишларига 14 миллион 904 минг сўм йўналтирилди.

Шунингдек, ҳомийларни жалб этган ҳолда, ўтган ўқув йилида талабаларнинг контракт тўловлари учун 100 миллион сўм маблағ ажратиб берилган бўлса, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан яна 60 миллион сўм миқдорида контракт тўловларига кўмак кўрсатилди.

Масжидларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 4 та масжид учун жами 67 миллион 51 минг сўмлик овоз кучайтиргич жиҳозлари олиб берилди.

Келгусида ҳам “Вақф” хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти филиали томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг таълим олишига кўмаклашиш, масжид ва мадрасаларни обод қилиш каби хайрли ташаббуслар давом эттирилади.

Умуман олганда, вакиллигимиз ва тизим ходимлари ўз фаолиятига бир марталик тадбир деб эмас, балки зиммасидаги масъулият, узлуксиз жараён сифатида ёндашмоқда.

– Мазмунли ва фойдали суҳбатингиз учун ташаккур.

ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими ходими Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

Ўзбекистон янгиликлари