Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қашқадарё вилояти вакиллиги "Ҳаж ва Умра" тадбирларини ташкил этиш масалалари бўйича мутахассис Камолиддин Темировнинг падари бузруквори Абдуназар отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Камолиддин ҳожи Темировга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати