Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, беш республика муфтийси
Яшаган йиллари: 1908-1982
Муфтийлик йиллари: 1957 – 1982
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йили 10 январда Тошкент шаҳрида туғилган.
1943 йилда Диний назорат ташкил қилишда отаси Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон билан жонбозлик кўрсатган. 1943-1948 йилларда Диний назоратнинг масъул котиби, 1948-1957 йилларда раис ўринбосари вазифасида хизмат қилган. 1957 йили муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг вафотидан сўнг шу идорага раис ва муфтий этиб сайланган.
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг хизматлари:
– Жаҳондаги 80 га яқин ислом ва араб давлатларига сафар қилиб Ислом дунёси билан Совет давлати ва иттифоқда яшаётган мусулмон халқларни яқинлаштирди, сиёсий-маданий алоқаларни ўрнатишга воситачи бўлди;
– 10 та давлат раҳбарининг шахсий меҳмони бўлди;
– Тошкент, Москва, Душанбе, Самарқанд, Боку шаҳарларида ислом олами ва глобал миқёсдаги долзарб мавзуларга бағишланган халқаро анжуманларни ташкил этиб, маърузалар билан иштирок этди;
– “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали араб, инглиз, форс, француз, ўзбек тилларида нашр этилди;
– Иттифоқ Министрлар Советининг Диний ишлар бўйича Кенгаш таркибидаги Мусулмон ташкилотларининг халқаро алоқалар бўлими раҳбари сифатида 1962 йилдан 1982 йилгача фаолият юритди;
–1971 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ташкил қилди;
– СССР, Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатларининг орден ва мукофотларига сазовор бўлган.
Халқаро ташкилотларга аъзолик:
– Жаҳон Масжидлар Кенгаши аъзоси;
– Жаҳон Тинчлик Кенгаши аъзоси;
– Иттифоқ Тинчлик Қўмитаси ҳайъат аъзоси;
– Осиё ва Африка бирдамлик ташкилоти аъзоси;
– Ислом Конференцияси ташкилоти аъзоси;
– Хорижий давлатлар билан дўстона ва маданий алоқалар ўрнатиш Совет қўмитаси ҳайъат аъзоси;
– Ўзбекистон Тинчлик қўмитаси ҳайъат аъзоси;
– Ўзбекистон Хорижий давлатлар билан дўстона ва маданий алоқалар ўрнатиш жамиятининг ҳайъат аъзоси.
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1982 йили 23 декабрда Тошкентда вафот этди.
2023 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати