Ислом инсонларни мўътадиллик ва ўрта йўлга даъват этадиган диндир. Унда ҳаддан ошишга ҳам, беэътиборликка ҳам ўрин йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда: “Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг” (Нисо сураси, 171-оят)
Бу оят орқали мусулмонларга улкан сабоқ берилган. Динда ҳаддан ошиб, чуқурлашиш ёки ғулув кетиш хатарли иллатдир.
“Ғулув” чуқурлашиш, ҳаддан ошиш маъноларини англатади. Динда ғулув инсоннинг шариатда белгиланган чегарадан чиқиб, бир масалага ҳаддан ортиқ даражада берилиб чуқур кетишини билдиради.
Бундай ҳолат кўпинча яхши ният билан бошланади. Динга кўпроқ амал қилиш, тақводор бўлиш ниятида ўзи билмаган ҳолда чегарадан чиқиш юз беради. Лекин вақт ўтиши билан ният бидъат ва залолатгача олиб бориши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ғулувдан қатъий қайтарганлар. Бир ҳадисда шундай дейилади:
“Эй Одамлар, динда ғулувга кетишдан сақланинглар! Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетиш ҳалок қилди” (Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривояти).
Бошқа ҳадисда эса: “Насоролар Исони мақтаганидек, мени мақтаманглар. Мен ҳақимда фақат: “У Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир,” деб айтинглар” (Бухорий ривояти).
Бу ҳадислар шунга далилки, Расулуллоҳ алайҳиссалом муҳаббатда ҳам мўътадил бўлишни буюрганлар.
Ғулувнинг кўринишлари:
Ислом дини мўътадилликдир. Аллоҳ таоло уммати Муҳаммадни шундай васфлаган:
“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик” (Бақара сураси, 143-оят).
Оятда мусулмонлар ҳар бир ишда, хусусан, динда ҳам ўрта йўлни танлашига чақирилмоқда. Бу йўл – суннат йўлидир.
Ғулув – яхши ният билан бошланса ҳам, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан исломнинг йўли ибодат ва илмда мўътадилликдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
жоме масжиди имом-хатиби
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати