Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Каъбага исмини муҳрлаган хаттот

27.10.2025   59849   3 min.
Каъбага исмини муҳрлаган хаттот

Ҳар куни дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар Каъбага назар ташлар экан, ёпинчиғини безаб турган олтин ҳарфли ёзувлар ортида бир инсоннинг амалий мероси мужассам эканлигини билавермайди.

У киши – Каъба ёпинчиғини безашга умрини бағишлаган машҳур хаттот Абдураҳим Амин Бухорийдир.

Унинг номи, гарчи Саудиядан ташқарида унчалик машҳур бўлмаса-да, Каъбани ёпиб турган матода абадий яшаб келмоқда.

Ота-бобоси асли наманганлик бўлган Абдураҳим Амин Бухорий 1917 йилда Маккада дунёга келган. Болалигиданоқ хаттотликка қизиқиб, ёш бўлишига қарамай юксак маҳорати билан танилди. Подшоҳ Абдулазиз томонидан 1927 йилда ташкил этилган Кисва фабрикасида 15 ёшида иш бошлади ва шу ерда хаттотлик санъатининг нозик жиҳатларини ўрганди. 1930-йилларда бош техник, кейинчалик, 1960-йилларда фабрика раҳбарининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилди.

Ҳар йили янгиланадиган кисва қора ипак матодан тайёрланиб, унга Аллоҳнинг каломи олтин ва кумуш иплар билан ёзилади. Абдураҳим Амин Бухорий мана шу шарафли вазифани ўнлаб йиллар давомида бажарди. Унинг “сулус” услубидаги хати Каъбанинг олтин ёзувли камари – “ҳизам” учун асосий намунага айланди. Бугун ҳам у ёзган намуна асосида Кисва тикилади. 658 квадрат метрлик кисва 670 кг ипакдан тайёрланган бўлиб, махсус дастгоҳлар ёрдамида бир-бирига тикилган 47 қисмдан иборат.

1944 йилда подшоҳ Абдулазиз Каъба учун янги эшик ясашни буюрди. Эшикдаги ёзувларни битиш ҳам айнан Абдураҳим Аминга насиб этди ва 1947 йилда Каъбага ўрнатилган янги эшик Ислом санъатининг юксак намунасига айланди. Кейинроқ, 1979 йилда ўрнатилган ҳозирги эшикда ҳам унинг хаттотлик ишлари акс этган.

Абдураҳим Амин Бухорий машҳурликдан йироқ, камтар ва фидокор инсон эди. Саудия Арабистони Қироллик байроғи учун ёзув намунасини ҳам, Мадинадаги Равза пардаси ва кўплаб масжид безакларини ҳам Абдураҳим Амин ишлаган.

Қирол Файсал унинг хизматларини эътироф этиб, Абдураҳим Амин Бухорий исмини Кисвага ёздирди ва бу шарафли инъом ҳануз сақланиб турибди.

Абдураҳим Амин Бухорий 1990-йиллар охирида вафот этган бўлса-да, унинг санъати ҳар йили Каъбага янги Кисва осилиши билан яна қайта аксланади. Унинг қаламидан чиққан ҳар бир ёзув гўзалликка хизмат қилади. Бугун ҳар бир зиёратчи Каъбага қараганда, айнан Бухорий ёзган ёзувларга назар ташлайди – бу эса унинг Аллоҳ каломини гўзал шаклда битишга бағишлаган умрининг далилидир.

Т.Азимов тайёрлади

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   28377   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари