Айни пайтда навбатдаги гуруҳ зиёратчиларимиз Маккаи мукаррамада Каъбатуллоҳ тавофи, беш вақт ва нафал намозлар билан бир қаторда Арафот, Нур, Савр тоғлари ҳамда Мино, Муздалифа водийлари каби муборак қадамжолар зиёрати билан машғул бўлмоқда.
Худди шундай Мадинаи мунавварада ҳам ҳамюртларимиз Уҳуд тоғи ва Қубо масжидлари зиёрати билан бирга Равзаи шариф зиёрати, Масжидун Набавийда кундалик ва нафл намозларни адо этишда бардавом бўлишган эди.
Аллоҳнинг меҳмонлари сафар давомида эҳтиром қилинмоқда. Зиёратчиларни Ўзбекистондан муборак диёрга кузатиш, Жидда аэропорти ва Мадинадаги 5 юлдузли Пулман Зам-зам ҳамда Маккаи мукаррамадаги Ал-Айям элит меҳмонхоналарида муносиб кутиб олинмоқда.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг ибодатларини қабул этсин, барчамизга Байтуллоҳ ёнида дуо қилиш насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати