Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хаёл ва васвасаларни муолажа қиламан десангиз, уларга эътибор қаратманг. Эътибор қилмасангиз, иншааллоҳ, бу хаёллар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Балки ишингизга диққат қилинг, намозга турсангиз, бутун диққатингизни шу ибодатга қаратинг. Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ бир мавъизаларида шу нозик нуқтани очиб берганлар:
«Намоз — талаб қилинган ва буюрилган амал. Агар намоздалигингизда беихтиёр бошқа хаёллар келаётган бўлса, у сабабли намозингизнинг қадрини пасайтирманг. Намозхонлар кўпинча шундай савол беради: «Биз намоз ўқиймиз, лекин маза ва лаззат топмаймиз» ёки «Олдин жуда маза қилиб намоз ўқир эдим, энди ўша маза ва лаззат тугаб қолгандек». Бу гапларнинг жавоби шуки, эй биродар, намоз сизга фақат маза ва лаззат бериши учун фарз қилинмаган. Балки бу амал Аллоҳ таолога ибодатдир, бандалик-қулликнинг бир кўринишидир.
Мабодо, намозда маза ва лаззат келса, у ҳолда бу ҳолат Аллоҳ таолонинг бир неъматидир. Агар намозда маза ва лаззат келмаса, унинг сабабидан намозга заррача нуқсон етмайди. Агар сиз намознинг арконлари ва шартлари ҳамда одобларини тўла-тўкис адо этаётган ва суннатга мувофиқ бажараётган бўлсангиз, у ҳолда агар бутун умр маза ва лаззат келмаса ҳам, бунда сизнинг айбингиз йўқ. Ибодат чоғи маза ва лаззат келса ҳам, келмаса ҳам намоз ўқишингиз керак».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати