Қизим сен катта бўлаётганингдан эмас, балки тезда улғайиб, бошқа бир хонадонга келин бўлиб кетишингдан, сени ҳар куни кўра олмасликдан ичимда бир хавотирми, соғинчми – нимадир бор. Ахир кечагина гўдак эдинг, бугун қизалоққа айландинг. Эртага...
Ҳар куни сўзларинг равонлашиб, фикрлашинг теран бўлмоқда. Қизим, сен улғайганинг сайин менинг кўнглим кичрайиб бормоқда. Сен билан кўпроқ вақтимни ўтказа олмаяпман...
Қизим, мен ўргатолмаганимни ҳаётдан ўрганасан. Шуни билгинки, ота қизига танбеҳ берса, бу унинг қизини ёмон кўришини англатмайди. Оталар қизларини жуда яхши кўришади. Жим турганида ҳам қизининг келажаги ҳақида ўйлаётган бўлади.
Ота шодланса, бунинг сабаби кўпроқ фарзандларининг ютуғи бўлади. Отанинг шаъни – борлиғи қизи билан боғлиқ бўлади.
Балоғатга етишинг, муносиб жуфтингни топиб, умматга, миллатга хизмат қиладиган фарзандларга она бўлишингни тилайман!
Билгинки, неча ёшга кирсанг ҳам мен сени худди ҳозиргидай яхши кўраман! Менга сени неъмат қилиб берган Зотга омонат бўл, қизим.
Акбаршоҳ Расулов
Хайрли ишлар Самарқанд вилоятида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айни мақсадни кўзлаган ҳолда, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов Булунғур туманидаги “Оломон” жоме масжидида бўлиб, бу ерда ташкил этилган навбатдаги хайрия тадбирида иштирок этди.
Маърифий суҳбат ва эҳсон дастурхони шаклида ўтган ушбу маросимга 200 нафар нуроний отахон ва кўмакка муҳтож фуқаролар таклиф этилди.
Тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 та оилага махсус ҳадя ва моддий ёрдамлар топширилиб, уларнинг кўнгли шод этилди.
Самимий руҳда кечган суҳбатлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро кўмак каби юксак инсоний фазилатларнинг аҳамияти яна бир бор таъкидланиб, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги учун дуолар қилинди.
Sammuslim.uz