Ислом дини фақат диний аҳкомларга чегараланиб қолган дин эмас, балки, у жамиятнинг маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи, камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, баъзи бир инсонлар диний илмсизлиги сабабли ҳаётида кўплаб муаммоларга дуч келиши табий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассибликдир.
Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, унинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу бидъат иш жуда қаттиқ қораланган. Чунки, бу иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда. Биз ушбу ёмон иллатдан ўзимизни ҳимоя қилиш учун, аввало, мутаассиблик нима эканлиги, динимизда пешво бўлган уламолар унга қандай таъриф берганини қуйида келтириб ўтамиз.
Мутаассиблик – бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан буни “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб киши кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.
“Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик – гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган. Уламолардан Аллома Тафтазоний: “Мутаассиблик – ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир”, деб айтган. Шайх Аловуддин Бухорий: “Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади”, деб таъриф берган. Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий эса: “Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади; биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади”, деб айтган экан. Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!”, деб айтган. Шунингдек, мутаассиб киши жамият ичида тарафкашлик ва бўлиниш юзага чиқишига ҳам сабабчи бўлади. Бу ҳам муқаддас динимизда қораланган ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103-оятида айтади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!”.
ламолар мутаассиб кимсанинг учта белгиси бор деб айтишган;
- доимо амалларнинг энг қийинини олади;
- ўзи юрган йўлни фақат шу ҳақ йўл деб эътиқод қилади;
- унга қарши чиққан барчани залолатда деб ҳисоблайди.
Ҳар бир иймон-эътиқодли инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоқдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда, эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, деган муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини ҳам белгилаб берганлар.
Азизбек Боқиев,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Бугун, 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарихида биринчи марта магистрантларнинг диссертация ҳимояси старт олди!
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ушбу муҳим воқеада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Институт ректори Уйғун Ғофуров ва бошқалар бу тарихий қадам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалий натижаси эканини, мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янги босқичга олиб чиқиш ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг самараси эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳозирда Тошкент ислом институтида «Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти» ҳамда «Ҳадис илмлари» мутахассисликлари бўйича жами 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
Илк 10 нафар магистрант ўқиш давомида 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттиргани, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом цивилизацияси марказида илмий амалиёт ўтаб, ноёб қўлёзмалар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлагани эътироф этилди.
Бу ҳимоялар юртимиз диний таълим тизими ривожидаги муҳим босқич бўлиб, келажакда бой илмий-педагог кадрлар салоҳиятини оширишга ва аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати