Шу йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обид Қодиров, Идора бўлим бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов ва Музаффар домла Камоловлар Бухоро вилоятида бўлиб, “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган тарғибот ишларида иштирок этишди.
Дастлаб соҳа масъуллари Мир Араб олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ва Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом юртида талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашув ўтказди. Уларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамроҳлик қилдилар.
Йиғилишда диний таълимни такомиллаштириш, ёшларни соф эътиқод ва юксак маънавият руҳида тарбиялаш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ва малака кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, талабалар билан очиқ мулоқотда уларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Зайниддин домла Эшонқулов ёшларни илмга интилиш, ватанпарварлик ва ахлоқий покликка чорлади.
Сафар давомида соҳа масъуллари вилоятда фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари ва отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда масжидларда диний-маърифий фаолиятни ривожлантириш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни ташкил этиш, ёшларни соф эътиқод ва маънавий поклик руҳида тарбиялаш ҳамда имом-хатиблар ва отинойилар малакасини янада юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ғиждувон туманида ўтказиладиган “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасидаги “Сайёр қабул” бўйича амалий кўрсатмалар берилиб, ишчи гуруҳ томонидан топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати