Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси таркибида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, Ҳаж ва умра бўйича атташе Шуҳрат Амоний каби соҳа масъуллари “Ҳаж–2026” мавсумида ҳамюртларимиз истиқомат қилиши кўзда тутилган меҳмонхоналарни атрофлича ўрганмоқдалар.
Шароит ва қулайликлар таҳлил қилинмоқда
Меҳмонхоналарни кўздан кечириш жараёнида биноларнинг умумий имкониятлари ва зиёратчилар учун яратилган қулайликлар синчиклаб ўрганилди. Жумладан:
– Фойеларнинг кенглиги ва ҳаракатланиш қулайлиги;
– Лифтлар сони ва кенглиги;
– Хоналардаги шароит, ўринлар сони ва жиҳозлар ҳолати;
– Ошхона сиғими, тиббиёт ва ишчи гуруҳлари учун ажратилган хоналар — барчасига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳар бир хона — зиёратчи қулайлиги учун
Ўрганиш чоғида ҳар бир хонада юклар жойлаштириш ва ҳаракатланиш учун етарли жой мавжудлиги, ювиниш хоналари, кийим жавонлари, ёзув столи, телевизор, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз ва Қуръони карим билан таъминлангани, шунингдек, санитария ва гигиена талабларига тўлиқ риоя этилганига эътибор берилди.
Жойлашув қулайлиги ҳам баҳоланди
Меҳмонхоналарнинг Ҳарами шариф, Мино, Арафот каби ҳаж арконлари адо этиладиган муқаддас ҳудудларга яқинлиги ҳамда транспорт қатновининг қулайлиги делегация диққат марказида бўлди.
Ўрганиш жараёнида мутасаддилар томонидан Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг ҳамкорлик талабларини инобатга олган ҳолда, ушбу тартиб-қоидаларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидлаб ўтилди.
“Ҳаж – 2026” мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳузурланиб, хотиржам ибодат этишлари учун амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари — Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри — олий қадрият” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Халқимиз орасида «Устоз — отангдек улуғ» деган нақл кенг тарқалган. Шу билан бирга, баъзан «Устоз — отангдан улуғ» деган ҳикматли иборани ҳам теш-теш эшитиб қоламиз. Ҳар икки иборада ҳам жуда чуқур ва ибратли маъно мужассам. Хўш, аслида қайси бири тўғрироқ? Бу саволга тўғри жавоб топиш учун ота ва устознинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда мақомига назар ташлашимиз лозим.
Ота ва устоз мақоми: жисм ва руҳ тарбиячилари
Донишмандлар бу масалани жуда гўзал тушунтириб беришган: «Ота инсоннинг дунёга келишига ва жисмоний улғайишига сабабчи бўлса, устоз унинг руҳий, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан юксалишига сабабчи бўлади».
Ота фарзандига ҳаёт беради, уни боқиб, кийинтириб, жисмонан улғайтиради. Устоз эса ўша инсонга ҳаётда тўғри йўлни топиш, жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқиш ва икки дунё саодатига эришиш йўлларини ўргатади.
Арастудан: «Сизни дунёга келтирган отангизни кўпроқ ҳурмат қиласизми ёки таълим берган устозингизними?» деб сўрашганда, у шундай жавоб берган экан: «Отам осмондан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса мени ердан осмонга кўтарди».
Шу сабабли, моҳият эътибори билан устоз маънавий ота ҳисоблангани учун уни «отангдан улуғ» ёки «отангдек улуғ» деб эъзозлашган.
Ислом динида устознинг қадри
Ислом таълимотида илм берган ва одоб ўргатган инсоннинг мақоми жуда юқори баҳоланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини шундай мақтайди:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларини энг аввало устоз сифатида танитганлар. У зот: «Албатта, мен муаллим (ўқитувчи, устоз) қилиб юборилдим», деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда эса шундай марҳамат қилинади:
«Отанг учтадир: сени дунёга келтирган отанг, сени бағрига олиб қизини берган отанг (қайнотанг) ва сенга илм-одоб ўргатган отанг (устозинг)».
Демак, устоз ҳам шунчаки муаллим эмас, балки инсоннинг уч отасидан бири — маънавий отасидир.
Ибратли ривоят: Султон ва унинг устози
Ислом тарихида устозга бўлган эҳтиром борасида бениҳоя ибратли воқеалар жуда кўп. Константинопол (Истанбул)ни фатҳ этган машҳур ҳукмдор Султон Муҳаммад Фотиҳ ва унинг устози Оқшамсиддин ўртасидаги воқеа бунга гўзал мисолдир.
Султон Муҳаммад шаҳарга зафар билан кириб келаётганида, аҳоли ва лашкар унга гуллар ва эҳтиром кўрсата бошлайди. Султон эса от устида ёнида бораётган кекса устози Оқшамсиддинга ишора қилиб: «Гулларни менга эмас, устозимга беринглар! Мен Истанбулни фатҳ этган бўлсам, бу менинг эмас, мени тарбиялаган устозимнинг меҳнати ва баракотидир», деган.
Ғалаба парадида устозининг оти сачратган лой Султоннинг чакмонига тегади. Аёнлар саросимага тушганда, Султон Муҳаммад Фотиҳ табассум қилиб: «Устоз отининг оёғидан сачраган лой мангу фахримиздир. Мен вафот этсам, шу лой теккан чакмонимни кафанимнинг устига ёпинглар», деб васият қилган. Бу буюк ҳукмдорнинг устозга бўлган чексиз ҳурмати ва одобини кўрсатади.
Ҳаётий мисол: Шогирднинг муваффақияти – устознинг меҳнати
Бугунги ҳаётимизда ҳам қайси бир соҳада ютуққа эришган инсонни кўрманг, унинг ортида тунларни бедор ўтказган, сабр билан йўл-йўриқ кўрсатган фидойи устози туради. Шифокор бўламизми, муҳандис, олим ёки тадбиркор — барчаси устозларнинг меҳнати маҳсулидир.
Ота-онамиз бизга моддий имконият ва бадан берган бўлса, устозимиз ўша имкониятларни тўғри йўналтиришни, инсонларга наф келтиришни ўргатади.
Хулоса
«Устоз отангдан улуғми ёки отангдек улуғми?» деган саволга шундай хулоса қилиш мумкин: Устоз — отангдек улуғдир, чунки у сенинг маънавий отангдир; устоз — отангдан ҳам улуғдир, чунки у сени абадий саодатга ва Яратганни танишга етаклайди.
Ота-онамизга қандай яхшилик қилиш ва дуода бўлиш бурчимиз бўлса, бизга бир ҳарф бўлса ҳам илм ўргатган устозларимизни эъзозлаш, уларни тез-тез зиёрат қилиш ва ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳам ҳар бир шогирднинг фарзи ва олий инсоний бурчидир.
Маъруфхон Алоходжаев,
ТИИ Модуль таълим тизими 2-курс талабаси
Наманган шаҳри «Абдулқодир қори» жоме
масжиди имом-хатиби