Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда

07.11.2025   10342   2 min.
Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси фондида сақланаётган асарларнинг электрон каталогини тузиш бўйича амалий тадқиқот лойиҳаси амалга оширилмоқда. 
 

Ушбу лойиҳага Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон миллий архивидаги етук илмий малака ва салоҳиятга эга бўлган 15 нафар мутахассис жалб қилинган. 


2025 йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон мусулмонлар идорасида лойиҳа доирасидаги амалий ишлар бошланди. Грант лойиҳа доирасида икки йил давомида Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонаси фондида сақланаётган 3 065 жилд асарлар мажмуасининг уч тилдаги (ўзбек, инглиз ва араб тиллари) электрон каталоги яратилади. Шунингдек, фонддаги асарларнинг электрон каталоги яратилиши билан бир қаторда бир қанча илмий ишлар ҳам бажарилиши кўзда тутилган. 


Юқорида зикр этилган ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 2025 йил 6 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида лойиҳа иштирокчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва бошқалар иштирок этди. 


Мажлисда лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар доирасида эътибор қаратилиши керак бўлган масалалар муҳокама қилинди.


10 октябр куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида лойиҳа доирасида семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти бўлим бошлиғи Ҳамидулла Лутфиллаев асарларнинг электрон каталогини тузиш жараёнида манбалар билан ишлашда мутахассис эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар борасида иштирокчиларга  маъруза қилиб берди. Шунингдек, мутахассислар ўзаро фикр алмашишди.


Жорий йилнинг 14 октябридан эътиборан лойиҳага жалб этилган мутахассислар Ўзбекистон мусулмонлари идораси фондида сақланаётган манбалар каталогини тузиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборишган. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда Ноёб қўлёзма асарларнинг электрон каталоги тузилмоқда
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   35404   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари