Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 10-15-ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида "Бағрикенглик ҳафталиги" ўтказилади.
Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бирдамлик фазилатларини тарғиб этишдан иборат.
Ҳафталик доирасида вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нуфузли томоша майдонлари, сўлим ҳиёбонлар ва боғларда турли маданий, илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" шиори остида концерт дастурлари, фото кўргазмалар, қардош халқлар ёзувчи-шоир ва рассомларининг бадиий асарлари тақдимоти, турли экскурсиялар, спорт ўйинлари, интеллектуал ва бошқа турдаги мусобақалар ўтказилади.
Барча юртдошларимизни бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик байрамини биргаликда нишонлашга чорлаймиз!
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти