Тушлик вақтида уст-боши кир бўлган одам тамаддихонага овқатланиш учун кириб, қўл ювиш хонасини сўради. Уни бу аҳволда кўрган хизмат кўрсатувчининг юзи буришиб, қўл ювиш хонасини кўрсатиб юборди. Қўлини ювиб бўлганидан кейин қаерга ўтирса бўлишини сўради. Хизмат кўрсатувчи унга ташқаридан жой кўрсатди. Шу пайт башанг кийинган бошқа бир одам кириб келди. Уни кўрган хизмат кўрсатувчи дарров олдига бориб яхши жой қилиб, нима овқат ейишини сўради.
Қисқаси, икки одамга икки хил муомала-муносабат кўрсатилди. Бирига деярли хизмат кўрсатилмади, бошқаси тавсия қилинган таом ёқмагани учун ҳақ тўлашдан бош тортса ҳам, индалмади. Иш бошқарувчи таом пулини ўзимиз тўлаймиз, деб уни кузатиб қўйди.
Биринчи бўлиб келган одам таом пулини тўлаш учун ичкарига кирганида боя башанг кийинган кишига хизмат кўрсатган хизматчини иш бошқарувчи уришиб, таом пулини ойлигидан олиб қолишини айтаётгани устидан чиқди. Иш бошқарувчига салом бериб, ҳар иккала таомнинг пулини ўзи тўлашини айтди. Хизматчи унга хижолатона қарар экан, одамнинг ташқи кўринишига қараб муомала қилиш хато эканини англади.
Бунга ўхшаш ҳолатларни ҳозир тез-тез учратиб турамиз. Ким яхши автоулов, яхши кийим кийса, унга нисбатан ўта яхши муомила қиладиган одамлар учрайди. Ҳолбуки, зоҳиргамас, ботинга, амалга, тушунчага, муомалага қараган инсон адашмайди.
Акбаршоҳ Расулов
Айни кунларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида “Ҳаж хизматлари конференцияси ва кўргазмаси” бўлиб ўтмоқда. Дунёнинг турли жойларидан келган соҳа мутасаддилари, халқаро ташкилотлар ва етук мутахассисларни бир жойга жамлаган ушбу йирик тадбирда асосий мавзу – зиёратчиларга хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш. Жумладан, жараёнларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ташкилий ишлар сифатини ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Нуфузли тадбир доирасида Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазири, доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа махсус маъруза билан чиқиш қилиб, бўлажак “Ҳаж – 2027” мавсуми учун белгиланган янги талаблар ва ташкилий мезонларни эълон қилди. Унга кўра, эндиликда қуйидаги масалаларга жиддий эътибор қаратилади:
– тайёргарлик жараёнларини эрта бошлаш ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномаларни ўз вақтида расмийлаштириш;
– меҳмонхоналар ва бошқа яшаш жойларининг белгиланган юксак сифат ҳамда хавфсизлик стандартларига қатъий мос келишини таъминлаш;
– барча ташкилий ва ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини фақатгина рақамли «Masar» ягона платформаси орқали амалга ошириш;
– энг муҳими, зиёратчиларга кенг қулайликлар тақдим этадиган ҳамда уларнинг шахсини тасдиқловчи «Nusuk» картасини доимий равишда ёнда олиб юриш талаби қатъий белгилангани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон делегацияси айнан мана шу янги талаб ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда, Ҳаж ва умра вазирлиги мутасаддилари ҳамда етакчи хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг вакиллари билан қатор манфаатли музокаралар ўтказди. Бўлиб ўтган самимий ва амалий мулоқотларда асосий эътибор юртдошларимиз учун яратиладиган шарт-шароитларни янада яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Хусусан, музокаралар давомида зиёратчиларимиз ибодатлари учун қулай шароитларни ҳозирлаш, замонавий транспорт воситаларини жалб қилиш, энг шинам турар жойларни танлаш, ҳожиларимизни сифатли таомлар билан таъминлаш масалалари диққат марказида бўлди. Шунингдек, уларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтириш ҳамда замонавий инновацион технологиялардан унумли фойдаланишга алоҳида урғу берилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар ва эришилган келишувлар келгуси ҳаж мавсумини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Энг асосийси, юртдошларимиз улуғ амалларини хотиржам, хавфсиз ва энг қулай шароитларда адо этишлари таъминланади.
Маълумот ўрнида, Жидда шаҳридаги Ҳаж хизматлари конференцияси ва кўргазмаси шу йилнинг 11 ноябрь кунига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати