БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу сана Ўзбекистонда ҳам яхши анъанага айланган. Зеро, бағрикенглик халқимизга хос минг йиллик қадриятимизга айланган. У бошқа миллат ва дин вакилларига нисбатан ҳурмат, хайрихоҳлик ва мурувват билан муносабатда бўлиш, инсоннинг эътиқоди, тили ёки ирқига қарамасдан, энг аввало, уни инсоний қадр-қиммат билан эъзозлаш маданиятидир.
Бугун – 10 ноябрдан бошлаб “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари бошланди. Ҳафталикнинг дастлабки тадбири мамлакатимиз Президенти ғояси асосида она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш халқимиз шарафига бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари фаоллари, диний конфессия вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган “Бағрикенглик марши”дан сўнг монумент пойига гуллар қўйилди.
Шундан кейин “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида турли миллат ва дин вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон” боғида дарахт кўчатлари экиш маросими ўтказилди. Унда иштирокчилар яхши ният билан чинор кўчатларини экишди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 10–15 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нуфузли санъат саройлари, театрлар, концерт заллари, томоша майдонлари, хиёбонлар ва боғларда турли маданий-маърифий ҳамда илмий-амалий байрамона тадбирлар ташкил этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати