Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, беш республика муфтийси
Яшаган йиллари: 1937 – 2003
Муфтийлик йиллари: 1982 – 1989
Шайх Шамсиддинхон Бобохонов 1937 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Филология фанлари номзоди, 1962-1966 йилларда Қоҳирада ал-Азҳар университетида араб тили филологияси бўйича таҳсил олган. 1962-1974 йилларда Иттифоқ Министрлар Советининг Диний ишлар бўйича Кенгаш таркибидаги Мусулмон ташкилотларининг халқаро алоқалар бўлимининг катта референти, 1974-1982 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти проректори ва ректори вазифаларида фаолият юритган.
1982 йил отаси муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг вафотидан сўнг шу идорага раис ва муфтий этиб сайланган.
Шайх Шамсиддинхон Бобохоновнинг хизматлари:
– Боку, Москва ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган халқаро анжуманларнинг ташаббускори. Динлараро халқаро анжуманлар ташкилий қўмиталарига аъзо бўлиб, уларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга фаол қатнашди;
– 1985 йил Қозон шаҳрида Қуръони каримни нашр этиш бўйича ташкил этилган кенгашга раҳбарлик қилди.
– “Совет Шарқи мусулмонлари” таҳририяти учун “Ҳазрати Имом” мажмуасида янги бино барпо этди. Ҳозирда мазкур таҳририят негизида “Шамсиддинхон Бобохонов” номидаги нашриёт ва босмахона фаолият юритмоқда;
– “ал-Адабул муфрад” таржимаси, “Минг бир фатво” ва “Сўнмас зиё” каби бир нечта китоблар муаллифи;
– 1994 йилдан 2003 йилгача Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони Қироллиги, Иордания Ҳошимийлар Қироллиги, Кувайт Амирлиги, Баҳрайн Қироллиги ва Жазоир давлатида Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритди;
– Бутунжаҳон Тинчлик Кенгаши, Масжидлар бўйича Бутунжаҳон Олий Кенгаши, Осиё ва Африка халқлари бирдамлиги совет қўмитаси, Тинчликни ҳимоя қилиш Совет ва Ўзбекистон қўмиталари, Совет ва Ўзбекистон Тинчлик жамғармалари каби қатор бутунжаҳон, халқаро ва республика ташкилотлари аъзоси;
– Иордания Қироллик академияси ҳақиқий аъзоси, Халқаро Ибн Сино мукофоти соҳиби, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳисса учун “Халқлар дўстлиги” ордени ҳамда жаҳоннинг қатор мамлакатлари фахрий ва эсдалик нишонлари билан тақдирланган.
Шамсиддин Бобохонов 2003 йили 15 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати