Юртимизнинг барча ҳудудларида миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик, бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўзида жамлаган "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида Тошкент фотосуратлар уйида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" номли фотокўргазма ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари, диний конфессия вакиллари, ОАВ воситалари ходимлари иштирок этди.
Кўргазмада миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари акс эттирилган 100 дан ортиқ асарлар намойиш этилди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаб келмоқда. Бағрикенглик ҳафталиги доирасидаги бундай тадбирлар эса, дунё аҳлини тотувлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи эзгу амаллар сирасидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати