Мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, юртимиз равнақи учун фаолият юритиб, бутун жаҳонга намуна бўлаётгани қувонарли. Бош Қомусимизда ҳам мамлакатда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эътиқод эркинлиги таъминлангани қайд этилган. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга, кучли тўқнашувларга сабаб бўлган омиллардан бири турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик кайфиятида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, мутаассиблигидир.
Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаси бўлган Қуръони каримда бундай дейилади: “Сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилиб: “Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушманглар!”, – дедик”.
Мана шундай маънодаги оятлар дунё динлари тарихини мукамал ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, бағрикенглик тамойилларига асосланиб фаолият олиб боришга замин яратади. Мусулмонларда бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик ва ғараз, адоват, нафрат эмас, ҳурмат ва бағрикенглик, ўзаро ҳамкорлик, иноқлик ва бошқа эзгу амаллар қарор топди.
Мантиқан олиб қараганда, турли дин вакилларининг бир жамият, бир ҳудуд, бир муассаса аъзолари бўлиб жамланишларига табиий ҳол, деб қараш керак. Агар илоҳий кўрсатмаларни инобатга олмасдан ҳамда диннинг моҳиятини тўғри тушунмасдан бу борада турли тафриқачиликка йўл қўйилса, жамият фуқаролари орасида парокандалик юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаатлари учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб келганлар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни қабул қилардилар. У зотнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари бир неча ҳадисларда зикр этилади. Бу эса диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўлади.
Бир неча ҳадисларида ҳам инсон қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, уни инсонийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан: Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қилади: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: “Бу маййит зиммийлардан-ку?!”–дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳнинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг яҳудий эканини айтишди. Расулуллоҳ: “У руҳ эмасми?!” – дедилар”.
Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунимизга қадар давом этиб келмоқда. Жамиятимизда турли конфеция вакилларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, динлар орасида ҳамжиҳатлик тамойилларини қўллаб-қувватловчи дўстона мулоқотлар қилиниши қадимий анъаналаримизнинг доимий барқарорлигига далолат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, динлар тарихини ўрганишда бағрикенглик, динлараро тотувлик тамойилларининг ҳаётимиздаги аҳамияти унинг тутган ўрни жуда муҳим.
Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД