Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим эндигина ўн олти ойлик бўлганида унга ўлим яқинлашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мория онамизнинг қўлидаги фарзандига қараб: “Эй Иброҳим, сен учун қўлимдан ҳеч нарса келмайди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа фарзандлари Иброҳим вафот этди. Уни кўтариб тупроққа қўйдилар ва: “Эй Иброҳим, агар олдингга фаришталар келса, уларга Роббим Аллоҳ, отам Расулуллоҳ, диним Ислом, деб айтгин”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига қараб, Умар розияллоҳу анҳунинг йиғлаётганларини кўрди. “Эй Умар, нима учун йиғлаяпсиз?” дедилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Ўғлингиз балоғат ёшига ҳам етмади, тақдир қалами унга ҳеч нарса ёзмади, тавҳид калимасини талқин қилишга ҳожат бўлмади. Шу ҳолда ҳам савол-жавоб бўлишидан огоҳ этяпсиз. Энди Ибн Хаттобнинг ҳоли не кечаркин, деб ўйлаяпман. Ахир у балоғатга етган, тақдир қалами унинг қилган амалларини ёзган, ўлим вақтида сиздек ўргатувчи топа олмаса, нима қилади?” деди.
Умар розияллоҳу анҳунинг хавотирли саволига жавоб ўлароқ Оламлар Роббидан жавоб нозил бўлди: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).
"Солиҳлар даврасида" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Тўрт мазҳаб бу - мужтаҳид имомларининг хулосасидир. Саҳоба ва тобеъинлар фиқҳининг хулосасидир. У динни тушуниш борасида мусулмонларнинг мўътамад, тан олинган мадрасаларидир. У тойилиш ва ҳаддан ошишдан йироқ бўлган, мўътадил йўл бўлиб, Аллоҳ таоло ерда унга қабулни битган, уламолар қувватлаган ва барча мусулмон мактаблари шуларнинг асосига барпо этилгандир.
Шу сабаб, ушбу мазҳабларга қарши урушадиган, курашадиганлар ҳалокатга йўлиқувчидир. Бу қаршилиги билан солиҳ салафлар эътиқодига қарши урушувчидир, саҳобалар эътиқодига қарши урушувчидир ва бу уриниши билан Ислом динига қарши урушувчидир. Чунки Ислом тушунчаси мана шу тўрт мазҳаб мадрасалари асосида шаклланган. Аллоҳ таоло ушбу мазҳаб соҳибларидан Ўзи рози бўлсин ва баракотларидан манфаатлантирсин.
Доктор Абдулқодир Ҳусайн