Самарқанд вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” китоби тақдимот тадбири ўтказилди.
Маърифий анжуманда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Сатторов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, шунингдек Ургут туманида хизмат қилаётган имом-хатиблар иштирок этишди.
Тадбир давомида Хайрулло домла Сатторов Муфтий ҳазратларининг ушбу асари ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланишича, “Эй бандаларим...” китоби қалб тарбияси, маънавий юксалиш ва инсоннинг исломий ахлоқ-одобини юксалтиришда муҳим манбалардан бири бўлди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар асарнинг ўзига хос мазмун-моҳияти, тарбиявий аҳамияти ва ўқувчига берадиган руҳий-маънави таъсири ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати