Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан имом-хатиблар ва имом ноиблари учун навбатдаги махсус "Тажвид дарслари" бошланди.
Бугун, 19 ноябрь куни Сирдарё вилоятида "Тажвид дарслари"нинг илк машғулотлари бўлиб ўтди. "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу дарс олдидан "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи, ўн қироат соҳиби Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум тажвид илмининг фазилати ва унинг имомлик вазифасидаги аҳамияти ҳақида маъруза қилди.
Вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров имом-хатиблар ва имом ноиблар учун ташкил қилинган бундай "Тажвид дарслари" юртимизда илм аҳлининг даражасини янада оширишини таъкидлади.
Сирдарё вилоятида Абдусамад қори Мамасолиев амалий машғулот олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати