Бир таксичи юртидаги бир бой одамни манзилига етказди. Бой одам таблода кўрсатилган маблағни тўлади. У таксидан тушаётганида таксичи унга: “Биласизми, кеча ўғлингизни бир манзилга олиб бориб қўйгандим. У менга таблода кўрсатилганидан анча кўпроқ пул берди. Нега сиз ундан ҳам бой бўлатуриб бундай қилмадингиз?” деди.
Бой одам таксичига кулимсираб қаради: “Сиз нимани кутган эдингиз? Ўғлим отаси бой бўлгани учун шундай қилгандир, мен эса етим ўсганман”, деб тушиб кетди.
Ҳа, кимки ўз меҳнати билан даромад топса, уни қадрлайди. Кимгаки катта маблағ қийинчиликсиз келса, уни кераксиз ўринларга ҳам сарфлайди. Шундай экан, болаларимизга меҳнат билан эришишни ўргатсак, улар тўғри тасарруфни ўзлари ўрганиб олади.
Акбаршоҳ Расулов
7–8 сентабрь кунлари Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонларни темир йўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаровлар бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олди.
Ҳоким ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаров , туризм бошқармаси бошлиғи А.Ражабов ва бош имом-хатиб Ж.Элов иштирокидаги учрашувда Бухоронинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни, муқаддас қадамжолар ва алломалар меросини тарғиб қилиш, зиёратчилар оқимини ошириш ҳамда янги зиёрат туризми йўналишларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жакарта–Бухоро йўналишида чартер ва тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Имом ал-Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд меросини Индонезияда тарғиб қилиш мақсадида Жакартадаги олий таълим муассасалари ва туристик компанияларда маъруза ҳамда тарғибот тадбирларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Делегация Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва Бухоронинг тарихий марказлари билан танишиб, шаҳарнинг зиёрат туризми салоҳияти ҳақида маълумот олди.
Ташриф — Бухоро ва Индонезия ўртасидаги зиёрат туризми, диний-маърифий ҳамда маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати