2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилган ўзгаришларга юқори баҳо берди.
У Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келган даврдаги вазият билан бугунги ҳолат ўртасида катта фарқ борлигини таъкидлади.
"Шавкат Миромонович Ўзбекистонга раҳбарлик қилишни бошлаганида вазият бутунлай бошқача эди. Буни Ўзбекистон фуқаролари ҳам, биз ҳам жуда яхши биламиз. Шу сабабли у мамлакатни ривожланиш йўлига қўйиш ҳамда давлатнинг иқтисодий жиҳатларини нолдан шакллантириш учун катта куч билан ишлашига тўғри келди", — деди Илҳом Алиев.
Озарбайжон раҳбари саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталди.
"Бугун биз бутунлай бошқача Ўзбекистонни кўриб турибмиз — жаҳон ҳамжамиятининг жуда ҳурматга сазовор аъзосига айланган Ўзбекистонни. Саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар жуда тезкор ва самарали ҳал этилмоқда", — деди у.
Илҳом Алиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари учун ҳам муҳим замин яратган.
"Шавкат Мирзиёев ва унинг жамоаси томонидан Ўзбекистон учун қилинган ишлар ва бу ислоҳотлар бўлмаганида, бирорта ҳам ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширишнинг имкони бўлмасди", — деди Озарбайжон Президенти.
Шунингдек, у Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгунига қадар икки мамлакат ўртасида бирорта ҳам қўшма лойиҳа бўлмаганини таъкидлади.
Айни пайтда томонлар ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Илҳом Алиев бу кўрсаткични узоқ муддатли орзу эмас, балки яқин икки йилда амалга ошадиган натижа сифатида баҳолади.
"Бугун биз 1 миллиардлик товар айланмаси ҳақида гаплашяпмиз. Бу қандайдир узоқ муддатли орзу эмас, яқин икки йилда амалга ошадиган ишдир", — деди у.
Озарбайжон раҳбари икки томон иқтисодиёти эҳтиёж сезаётган соҳалардаги инвестиция лойиҳалари ва ўзаро сармоялар ҳам муҳокама қилинганини қайд этиб, бундай ҳамкорлик икки давлатнинг параллел равишда ривожланиши натижасида юзага келганини қайд этди.