2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Венгриянинг “Daily News Hungary” ахборот порталида Тошкентда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, форумга 46 мамлакатдан 200 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари, кинематографлар ва рақамли технологиялар бўйича экспертлар жам бўлди.
Тадбирнинг асосий майдони Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Муаллифнинг таъкидлашича, форумдаги асосий муҳокама замонавий рақамли авлод учун тарихий ва маданий меросни долзарблаштириш масаласига қаратилган.
Қайд этилишича, журналистиканинг асосий мезонлари бўлган ҳаққонийлик ва холисликни қатъий сақлаган ҳолда сунъий интеллект, иммерсив технологиялар ҳамда стриминг платформаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Мақолада Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг нутқига, “CNN”, “Euronews” ва “BBC Studios” каби халқаро медиа саноати гигантларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилган.
Материалда Тошкент медиафоруми узоқ муддатли халқаро ҳамкорликка пойдевор қўйгани, Ўзбекистоннинг глобал имижини шакллантиришда анъана ва инновацияларнинг муваффақиятли уйғунлашувини намоён этгани таъкидланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати