Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати