Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 дан зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар етиштирган.
Бу зотга илм йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида даxма қурдирган ҳамда бу ерда йирик масжид, илм толиблари учун мадраса ҳам барпо қилган. У вафот этганидан сўнг ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилган. Умуман, зиёратгоҳда 50 дан зиёд қабртош сақланган бўлиб, аксарияти кимнинг шарафига қўйилгани аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторида икки нафар Афғонистон ҳукмдори (Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим (1668 йил), Шоҳ Саодат ибн Шоҳ Ҳидоят) ҳам дафн этилган.
Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳда лойиҳа доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда.
Таъмирлаш ишларидан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади. Авваллари 5 минг зиёратчи қабул қилинган.
Шунингдек, ҳудудда зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.
Алломанинг руҳлари ёдга олиниб, Қуръон тиловати қилинди. Президент зиёратгоҳда дарахт экди.
Зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, боғда асрларга татигулик дарахтлар барпо этиб, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.
https://president.uz/uz/lists/view/8702
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати