Жорий йилнинг 27 октябр куни Xushnudbek.uz телеграм платформасида талабалар ўртасида умумий қиймати 400 миллион сўмлик таълим гранти танлови эълон қилинган эди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – таълимга инвестиция киритиш, иқтидорли, билимга чанқоқ ва мақсадли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг келажакдаги таълим ҳамда касбий ривожланишига кўмак беришга қаратилган.
Танловда республиканинг турли олий таълим муассасаларидан 3000 дан ортиқ иқтидорли талабалари қатнашди. Қувонарлиси, мазкур лойиҳа доирасида Мир Араб олий мадрасасининг 2-босқич талабаси Дилшод Норбоев ҳам муваффақиятли иштирок этиб, таълим грантини соҳиби бўлди. Бу ютуқ унинг меҳнатсеварлиги, изланишлари ва илмга бўлган юксак интилишининг амалий натижасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати