Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дуода инсоннинг Аллоҳ наздидаги қуллиги бутун моҳияти ва ҳақиқати билан намоён бўлади. Шунинг учун ҳам айнан дуо пайтида қул Парвардигорининг чексиз саховатидан умид қилган ҳолда ўзининг ожизлигини, заифлигини ва Аллоҳнинг марҳаматига муҳтож эканини қалбан изҳор этади. Ахир ҳақиқий бандалик – бу ҳар қандай хайрли ишларни бажаришга ва гуноҳларни тарк этишга куч-қувват фақат Аллоҳдан келишига ва барча яхшилик ва мерибонликларнинг манбаи Унинг ўзи эканига иқрор бўлиш эмасми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо – ибодатнинг мағзидир” (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти).
Бошқа ривоятга кўра: “Дуо – ибодатдир” (Нўъмон ибн Баширдан имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).
Яъни ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони барча нарсанинг асоси сифатида кўрсатдилар. Модомики, ибодатнинг руҳи банданинг ўзини хору фақир билиб, камтар тутишлиги дейдиган бўлсак, бу нарса эса айнан дуо вақтида кўпроқ намоён бўлиб, камолига етади.
"Ахлоқус солиҳийн" (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
Бугун Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” деб номланган маърифий-маънавий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда муассаса маъмурияти, устозлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар. Учрашувнинг асосий мақсади – она тилимизнинг бой ва жозибадор тарихини ёритиш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тушунтириш, ёшларда миллий ўзликни англаш ҳамда она тилига бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғусини янада кучайтиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида Урганч давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Юлдашев Зафарбек маъруза билан сўзга чиқди. У ўз нутқида ўзбек тилининг шаклланиш тарихи, унинг сарчашмалари ҳамда буюк мутафаккирларимиз – Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломаларнинг она тилимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Она тили – ҳар бир миллатнинг руҳи, ғурури ва маънавий пойдеворидир. Тилни асраб-авайлаш, унинг софлиги ва бойлигини келажак авлодга етказиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир,” – деб таъкидлади З.Юлдашев.
Шунингдек, маърузачи бугунги глобаллашув даврида давлат тилининг ижтимоий-сиёсий ва маърифий соҳага жорий этилиши, унинг нуфузини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритди.
Имом Фахриддин ар-Розий ислом таълим муассасаси матбуот хизмати