Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дуода инсоннинг Аллоҳ наздидаги қуллиги бутун моҳияти ва ҳақиқати билан намоён бўлади. Шунинг учун ҳам айнан дуо пайтида қул Парвардигорининг чексиз саховатидан умид қилган ҳолда ўзининг ожизлигини, заифлигини ва Аллоҳнинг марҳаматига муҳтож эканини қалбан изҳор этади. Ахир ҳақиқий бандалик – бу ҳар қандай хайрли ишларни бажаришга ва гуноҳларни тарк этишга куч-қувват фақат Аллоҳдан келишига ва барча яхшилик ва мерибонликларнинг манбаи Унинг ўзи эканига иқрор бўлиш эмасми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо – ибодатнинг мағзидир” (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти).
Бошқа ривоятга кўра: “Дуо – ибодатдир” (Нўъмон ибн Баширдан имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).
Яъни ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони барча нарсанинг асоси сифатида кўрсатдилар. Модомики, ибодатнинг руҳи банданинг ўзини хору фақир билиб, камтар тутишлиги дейдиган бўлсак, бу нарса эса айнан дуо вақтида кўпроқ намоён бўлиб, камолига етади.
"Ахлоқус солиҳийн" (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
#Мир_Араб_олий_мадрасаси
#Тасаввуф #Маърифат #Илм
Мир Араб олий мадрасасида талабаларга тасаввуф илми, унинг маънавий-ахлоқий асослари ва бой илмий меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилувчи махсус «Тасаввуф» хонаси ташкил этилди.
Хона тасаввуф таълимотига оид кўргазмали маълумотлар, илмий адабиётлар ҳамда тарихий-маърифий материаллар билан жиҳозланган.
Хусусан, унда Хожагон–Нақшбандийлик тариқатининг олтин силсиласи шажараси, Бухорои Шарифнинг етти пири, тасаввуфга оид муҳим тушунчалар, таърифлар ва машҳур асарлар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Бу хона талабалар учун оддий дарсхона эмас, балки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган тасаввуфий тафаккур, одоб-ахлоқ, қалб тарбияси ва маънавий камолотга оид билимларни ўрганишга мўлжалланган маърифий муҳитдир.
Мир Араб олий мадрасасида бундай ихтисослаштирилган хоналарнинг ташкил этилиши назарий билимларни кўргазмали манбалар билан уйғунлаштириш, талабаларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва бой маънавий меросимизни чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Mirarab.uz