“Абу Али Ғассоний айтади: Абу Фатҳ Наср ибн Ҳасан Сакатий Самарқандий ҳижрий 464 (милодий 1072) йили бизнинг ҳузуримизга келди. Бир неча йиллардан бери Самарқандда қурғоқчилик ҳукм сурарди. Одамлар қайта-қайта истисқо қилиб, Аллоҳга дуо-илтижо этсалар ҳам, ёмғир ёғмаётганди. Шунда тақводорлиги билан танилган бир солиҳ киши Самарқанд қозисининг олдига бориб:
– Менда бир таклиф бор, – деди.
– Қандай фикр экан? – сўради қози.
– Сиз бошчилигингизда Имом Муҳаммад Исмоил Бухорийнинг қабри ёнига жамоат билан бориб, у зотни васила қилган ҳолда Аллоҳга илтижо қилсак. Шояд, Аллоҳ бизга ёмғир ёғдирса", деди.
Қозига бу таклиф маъқул бўлиб, одамлар тўпланиб, қабр соҳиби Имом Бухорийни ўртага қўйиб Аллоҳга йиғлаб илтижо қилишди. Ва ниҳоят, Аллоҳ таоло уларга ёмғирни юборди. Бир ҳафта давомида тинимсиз ёмғир ёғди. Одамлар ёмғир тинишини кутиб бир ҳафта Хартангда қолиб кетишди”.
Имом Заҳабийнинг
“Сияри аълом ан-нубала” асаридан
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати