3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Бухоро вилоятидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Ташрифлар давомида уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилиб, аҳволидан хабар олиш, маънавий кўмак кўрсатиш ҳамда эътибор-эҳтимом билдириш мақсадида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди.
Ислом дини инсон қадрини барча нарсадан устун қўяди. Қуръони карим оятлари ва муборак ҳадисларда жисмоний имконияти чекланган шахсларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларга мадад бериш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ўгит ва тавсиялар баён этилган. Мазкур хайрли ташаббуслар ҳам ана шу олий инсоний ва исломий қадриятларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доцент Азалшоҳ Ҳамроев ҳаммуаллифлигида «Бухоро: шарафли ўтмишдан буюк истиқбол сари» номли салмоқли китоб-альбом чоп этилди.
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли «Mega basim» нашриётида юқори полиграфик сифатда чоп этилган ушбу 384 бетлик асар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Китоб-альбомда Ислом цивилизацияси бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухорои Шарифнинг уч минг йиллик шонли тарихи, бой маънавий-маданий мероси, шунингдек, буюк алломалар юртидаги муқаддас қадамжоларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, нашрда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий тараққиёт юқори сифатли суратлар, аниқ маълумотлар ҳамда илмий асосланган матнлар орқали очиб берилган.
Мазкур нашр нафақат тарихий ва маърифий меросни ўрганишда қимматли манба, балки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилади.
Янги китоб-альбом маърифатпарвар халқимиз ва китобхонларга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати