Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Қуръонни таҳоратсиз ушлаш мумкинми?

11.01.2024   6060   2 min.
Қуръонни таҳоратсиз ушлаш мумкинми?

Cавол: Аёл кишиман, узрли кунларимда Қуръони каримни ўқий олмаслигимни биламан. Лекин уни ушлашим, ўпиб кўзимга суришим мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Йўқ ундай қилиб бўлмайди. Чунки таҳоратсиз кишилар, ҳайз кўрган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони карим китобини, Қуръон оятлари ёзилган қоғоз, танга ёки сувинерларни ушлашлари жоиз эмас. Зеро, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни покиза ҳолда ушлаш билан ҳам унга ҳурмат ва таъзим ифода қилинади.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида Қуръони каримни фақатгина пок ҳолингда ушлагин – деган эдилар” (ИмомҲокимМустадраккитобларидаривоятқилганвабуҳадиснисаҳиҳдеганлар).

Ватандошимиз аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ ҳам айни шу маънода айтадилар: “Қуръони каримни таҳоратсиз ушлаш мумкин эмаслигига бизнинг далилимиз Аллоҳ таолонинг мана бу ояти, яъни Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар (Воқеа сураси 79-оят) ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонни фақат пок инсонгина ушлайди”, деган ҳадисларидир.

Қолаверса, Қуръони улуғлаш вожибдир, мусҳафни (Қуръони карим китобини) нопок қўл билан ушлаш эса уни улуғлаш эмас” (“Бадоъиус саноиъкитоби).

Яна бир мўътабар манба, Имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳидоя” асарида ҳам шундай дейилади:

“Ҳайз ёки нифос кўраётган, жунуб бўлганлар мусҳафни фақат ғилофи билан, Қуръони каримдан сура ёки оятлар ёзилган тангаларни ҳамён билан ушлашлари мумкин. Таҳоратсиз киши ҳам мусҳафни ғилоф билан ушлайди” (“Ҳидоя” китоби).

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, нафақат Қуръони карим, балки Қуръонни бошқа тилларга қилинган таржималари, тафсирларини ҳам нопок ҳолда ушлаш жоиз эмас. Фиқҳий манбаалардан Баҳрур роиқ китобида:

“Агар Қуръони карим форс тилида (шунингдек бошқа тилларда) ёзилган бўлса, жунуб киши ва ҳайз кўрган аёл уни ушлаши ҳаром бўлади. Шу ҳукмга барча уламолар ижмоъ қилганлар ва шу гап саҳиҳдир” – дейилади.

Демак, таҳоратсиз кишилар, ҳайз ёки нифос кўраётган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони каримни ғилофсиз ушлашлари ёки саволда сўралганидек ўпиб кўзга суришлари жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   15037   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари