Cавол: Аёл кишиман, узрли кунларимда Қуръони каримни ўқий олмаслигимни биламан. Лекин уни ушлашим, ўпиб кўзимга суришим мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Йўқ ундай қилиб бўлмайди. Чунки таҳоратсиз кишилар, ҳайз кўрган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони карим китобини, Қуръон оятлари ёзилган қоғоз, танга ёки сувинерларни ушлашлари жоиз эмас. Зеро, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни покиза ҳолда ушлаш билан ҳам унга ҳурмат ва таъзим ифода қилинади.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида “Қуръони каримни фақатгина пок ҳолингда ушлагин” – деган эдилар” (ИмомҲокимМустадраккитобларидаривоятқилганвабуҳадиснисаҳиҳдеганлар).
Ватандошимиз аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ ҳам айни шу маънода айтадилар: “Қуръони каримни таҳоратсиз ушлаш мумкин эмаслигига бизнинг далилимиз Аллоҳ таолонинг мана бу ояти, яъни “Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси 79-оят) ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръонни фақат пок инсонгина ушлайди”, деган ҳадисларидир.
Қолаверса, Қуръони улуғлаш вожибдир, мусҳафни (Қуръони карим китобини) нопок қўл билан ушлаш эса уни улуғлаш эмас” (“Бадоъиус саноиъ” китоби).
Яна бир мўътабар манба, Имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳидоя” асарида ҳам шундай дейилади:
“Ҳайз ёки нифос кўраётган, жунуб бўлганлар мусҳафни фақат ғилофи билан, Қуръони каримдан сура ёки оятлар ёзилган тангаларни ҳамён билан ушлашлари мумкин. Таҳоратсиз киши ҳам мусҳафни ғилоф билан ушлайди” (“Ҳидоя” китоби).
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, нафақат Қуръони карим, балки Қуръонни бошқа тилларга қилинган таржималари, тафсирларини ҳам нопок ҳолда ушлаш жоиз эмас. Фиқҳий манбаалардан Баҳрур роиқ китобида:
“Агар Қуръони карим форс тилида (шунингдек бошқа тилларда) ёзилган бўлса, жунуб киши ва ҳайз кўрган аёл уни ушлаши ҳаром бўлади. Шу ҳукмга барча уламолар ижмоъ қилганлар ва шу гап саҳиҳдир” – дейилади.
Демак, таҳоратсиз кишилар, ҳайз ёки нифос кўраётган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони каримни ғилофсиз ушлашлари ёки саволда сўралганидек ўпиб кўзга суришлари жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоятидаги диний соҳа вакиллари иштирокида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда стол тенниси бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Кўтаринки руҳ ва дўстона муҳитда ўтган беллашувларда иштирокчилар билим, тафаккур ва чаққонлик борасида ўз маҳоратларини намоён этди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланди.
“Заковат” интеллектуал ўйини натижалари:
1-ўрин — Марғилон шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Олтиариқ тумани жамоаси;
3-ўрин — Фарғона шаҳри жамоаси.
Стол тенниси мусобақаси натижалари:
1-ўрин — Сарвар Раҳмонзода («Эшонбобо» жоме масжиди имом ноиби);
2-ўрин — Муҳаммадюнус Мирзараҳимов («Сулаймонбек ҳожи» жоме масжиди имом ноиби);
3-ўрин — Муҳаммадюсуфхўжа Саидхўжаев («Абу Мусо ал-Ашъарий» жоме масжиди имом ноиби).
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати