Бугун, 8 декабрь куни Макка шаҳридаги “Мармара” меҳмонхонасида Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан айни кунларда Маккаи мукаррамада тоату ибодатлар билан бўлиб турган 240 нафардан зиёд зиёратчиларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Жидда шаҳридаги бош консул Сирожиддин Шамсуддинов, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитаси Ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Мутасадди вакилларимиз умра сафарида бўлиб турган ҳамюртларимизни қомусимиз қабул қилинган кун билан муборакбод этиб, юртимизда сўнгги йилларда бўй кўрсатаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эркинлик неъмати, уни асраб-авайлаш ва қадрлаш барча юрт фарзандларининг бурчи эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Маънавий-маърифий учрашувда кейинги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани, жумладан, умра зиёрати бир неча юз минг нафарга, Ҳаж квотаси эса 15 минг нафаргача оширилгани, уларга хизмат кўрсатиш, мавжуд шароитлар ҳавас қиладиган даражага кўтарилгани, бунга ҳозирда умра амалини адо этаётган ҳамюртларимиз бевосита гувоҳ бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда иштирокчиларни яхши тилак ва дуолар билан қутлаш баробарида байрам ширинликлари ҳам улашилди. Кўтарингки ва самимий руҳда ўтган тадбир зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати