Бугун, 8 декабрь куни Макка шаҳридаги “Мармара” меҳмонхонасида Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан айни кунларда Маккаи мукаррамада тоату ибодатлар билан бўлиб турган 240 нафардан зиёд зиёратчиларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Жидда шаҳридаги бош консул Сирожиддин Шамсуддинов, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитаси Ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Мутасадди вакилларимиз умра сафарида бўлиб турган ҳамюртларимизни қомусимиз қабул қилинган кун билан муборакбод этиб, юртимизда сўнгги йилларда бўй кўрсатаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эркинлик неъмати, уни асраб-авайлаш ва қадрлаш барча юрт фарзандларининг бурчи эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Маънавий-маърифий учрашувда кейинги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани, жумладан, умра зиёрати бир неча юз минг нафарга, Ҳаж квотаси эса 15 минг нафаргача оширилгани, уларга хизмат кўрсатиш, мавжуд шароитлар ҳавас қиладиган даражага кўтарилгани, бунга ҳозирда умра амалини адо этаётган ҳамюртларимиз бевосита гувоҳ бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда иштирокчиларни яхши тилак ва дуолар билан қутлаш баробарида байрам ширинликлари ҳам улашилди. Кўтарингки ва самимий руҳда ўтган тадбир зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт. Ўзбекистон Президенти бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди.
Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.
Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт.