Бу сана алоҳида белгилангани бежиз эмас. Бу кун жамият, иқтисодиёт ва давлат бошқарувига жиддий хавф солувчи иллат саналмиш коррупцияни ёдга солиш, унинг оқибатларини яна бир бор англаш, энг муҳими эса унга қарши қатъий курашишда ҳар бир киши масъул эканини эслатиб туриш учун нишонланади.
Тарихга назар солсак, 2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида БМТ ташаббуси билан ўтказилган халқаро конференцияда 100 дан ортиқ давлат “Коррупцияга қарши халқаро конвенция”ни имзолаб, глобал миқёсда бирлашган ҳолда ҳаракат қилишга келишиб олган. Коррупция тақдири бир давлат муаммоси эмас, балки бутун дунё хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши билан боғлиқ масала.
Шу конференциянинг биринчи куни Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида эълон қилинди. 2004 йилдан буён дунё мамлакатлари ушбу санани жамоатчиликни хабардор қилиш, муҳокама маданиятини кучайтириш ва соҳага доир чора-тадбирларни тизимлилаштириш мақсадида нишонлаб келмоқда.
Резолюцияда таъкидланишича, бу куннинг асосий мақсади коррупциянинг туб моҳиятини чуқур англаш, уни олдини олиш чораларини мустаҳкамлаш ва барча даражада қатъий курашишдир.
Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда барча соҳаларда очиқлик, шаффофлик, ҳисобдорлик тамойилларини кучайтириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат ва жамият ҳаётида рақамлаштириш жараёнлари тезлашиб, хизматларни электрон шаклга ўтказиш коррупциявий омилларни камайтиришда муҳим воситага айланди. Энг муҳими, коррупция билан кураш фақат давлат муассасалари ёки алоҳида идоралар вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчидир.
Агар ҳар биримиз қонунларга риоя қилсак, шаффофликни талаб қилсак ва ҳуқуқий маданиятимизни оширсак, жамиятни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бўламиз.
Баҳодир Киргизов,
“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки
Коррупцияга қарши назорат департаменти директори,
UzA.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати