Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Ал-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасида янги илмий лойиҳалар бошланади

10.12.2025   13542   1 min.
Ал-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасида янги илмий лойиҳалар бошланади

Мисрдаги ислом оламининг нуфузли илмий-диний маркази — Ал-Азҳар раҳбарияти Ўзбекистон билан илмий ва маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Бош имом шайх Аҳмад ат-Таййиб Ўзбекистон делегацияси билан учрашувда икки томонлама илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.


Учрашувда таълим ва илм-фан соҳасидаги қатор қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди. Жумладан, қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди:

  • уламолар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашинув дастурларини йўлга қўйиш;
  • ўзбек талабаларининг Ал-Азҳарда таълим олишини қўллаб-қувватлаш;
  • қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
  • конференциялар, мастер-класслар ва ўқув семинарларини ташкил этиш.
     

Ўзбекистон томони учрашув давомида мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, экстремизм ва радикал ғояларнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ёшлар билан ишлашда маърифатнинг ўрни ҳақида маълумот берди.


Шайх Аҳмад ат-Таййиб Ўзбекистон билан ҳамкорликни тарихан муҳим алоқа сифатида баҳолаб, икки мамлакат ўртасидаги илмий ва таълимий муносабатларни янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.


Учрашув якунида томонлар келгусида:

  • қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
  • академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш;
  • талабалар ва мутахассислар учун қўшимча грантлар ажратиш;
  • маърифий тадбирларини мунтазам ўтказиш бӯйича келишиб олганини билдирди.

Тайёрлаган: Отабек Матназаров

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   6888   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари