Киши тонгда ўзининг Қуръон вирдини – у ёд олиш ёки тиловат қилиш бўлсин ҳамда тонги зикрларни айтишдан фориғ бўлмагунича алоқа воситалари, интернет тармоқларини очмасликка ўзини ўргатиши фиқҳул авлавиётдан ҳисобланади.
Чунки ушбу тонгги оралиқ, фурсат энг қадрли, аҳамиятли вақтлардан бўлиб, уни чалғитадиган, зеҳнини паришон қиладиган ва вақтини ўғирлайдиган барча нарсадан четланган киши учун жуда катта фойдалар бўлади.
Изоҳ: “Фиқҳул авлавиёт” – устун турадиган нарсалар фиқҳи ёки бирламчи масалалар фиқҳи деганидир. Яъни, шариатда устун турадиган нарсалар фиқҳига нисбатан қўлланиладиган атама.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَزِمَ الْاِسْتِغْفَارَ جَعَلَ اللهُ لَهُ مِنْ كُلِّ ضِيقٍ مَخْرَجًا، وَمِنْ كُلِّ هَمٍّ فَرَجًا، وَرَزَقَهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойиш насиб қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради", дедилар (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
Шарҳ: Доимо истиғфор айтиб юрган банда кам бўлмайди. Руҳий тарбия устозлари янги муридларига эрталаб юз марта, кечқурун юз марта истиғфор айтишни вазифа қилиб берадилар. Ана шунга амал қилиш лозим.
"Ҳадис ва ҳаёт" китоби 35-жуз