Наманган вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Санэпидқўмита ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида дин етакчилари учун “Эмлаш: илмий ва диний асослар” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг бошланди.
Тадбирда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда эмлашнинг ўрни, унинг илмий ва диний асослари ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалалари ёритилди. Иштирокчиларга миллий эмлаш дастурининг натижалари, организмни ҳимоя қилишдаги муҳим жиҳатлар ва жойларда учраётган савол ҳамда муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар доирасида имом-хатиблар ва отинойилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳудудлардаги вазият, аҳоли фикрлари, таклифлар ва муаммолар муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликни кучайтириш ва эмлаш бўйича аниқ ва ишончли маълумотларни аҳолига етказиб бориш бўйича келишиб олдилар.
Илмий таҳлиллар сўнгги юз йилда эмлаш кўплаб хавфли касалликларнинг тарқалишини кескин камайтирганини кўрсатади. Масалан, 1969 йилгача ҳар йили 2,6 миллион инсонни ҳалок этган қизамиқка қарши вакцина пайдо бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ушбу касаллик бўйича 2000–2017 йилларда дунё миқёсида ўлимлар 80 фоизга камайди. Миллионлаб болаларнинг ҳаётини издан чиқарган полиомиелит эса бугун деярли йўқ даражасга тушган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати