Муродилла домла Аҳмедов, Наманган тумани "Отавалихон" масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротларнинг жонини ҳам Азроил алайҳиссалом қабз қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мўътабар манбалардаги маълумотлар барча жонзотларнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштаси (Азроил) алайҳиссаломга топширганини кўрсатади. Чунки бир ривоятда Ўлим фариштаси алайҳиссалом: “Мен битта чивиннинг жонини ҳам Аллоҳнинг изнисиз ўз хоҳишим билан суғура олмайман”, деганлари нақл қилинган.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бунинг изоҳида бундай дейдилар: “Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир жонзотнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштасига юклаган”.
Шунингдек, Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳдан "Чивинларнинг жонини ҳам Азроил қабз қиладими?" деб сўрадилар. Шунда имом: “Уларда жон борми?” деб сўради. Сўровчи: “Ҳа, бор”, дегач, у киши: “У ҳолда, уларнинг жонини ҳам Ўлим фариштаси олади”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази