15 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти ташаббуси билан 2026 йил “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан оила қадриятларини мустаҳкамлашга бағишланган халқаро анжуман бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Конференция Қуръони карим тиловати ва “Оила – халқ юраги” номли видеолавҳа намойиши билан бошланди. Очилиш маросимида БАА Бағрикенглик ва бирдамликда яшаш вазири Шайх Наҳаён бин Муборак Ол Наҳаён, Амирликлар Фатво Кенгаши раиси Абдуллоҳ бин Байя, Марокаш подшоҳлиги Вақфлар ва Ислом ишлари вазири доктор Аҳмад Тавфиқ, Амирликлар Ислом ишлари, вақф ва закот бош бошқармаси раиси, доктор Умар Ҳабтур ад-Диръий, Мавритания фатво кенгаши раиси, доктор Аслам бин Саййид Мустафо, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар ва илмий-тадқиқотчилар каби 300 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Сўзга чиққан нотиқлар Ислом динида оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратилиши баробарида бугунги кунда оила масаласига янада жиддий аҳамият қаратишга катта урғу беришди.
Жумладан, шариат буюрганидек, инсон насл-насабини сақлаш, силаи раҳм қилиш, ота-онани эъзозлаш, жуфти ҳалолига эътиром кўрсатиш, фарзандларни яхши тарбиялаш сингари муҳим вазифаларни кенг тарғиб этиш, ҳозирги хавф-хатарлар даврида оилани мустаҳкамлаш, унинг жамият ривожидаги ўрни, бирдамлик манбаи эканини тушунтириш каби масалалар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожланган паллада оилавий ришталарни муҳофаза қилиш ва мазкур тараққиёт имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги, давр талабидан келиб чиққан ҳолда замонавий таҳдидларга жавоб берадиган, оила қадриятларини асраб-авайлайдиган, унинг саодатини таъминлайдиган долзарб фатволар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати