Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин”, дегин, дедилар (Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний...
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени афв эт. Менинг аҳлим ва зурриётимни ҳам афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени онамни, отамни ва уларнинг ота-оналарини, ота-оналарининг ота-оналарини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг оға-иниларим, биродарларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг тоғаларим, холаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг амакиларим, аммаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг дўстларим, ҳамкасбларим, қўшниларим, мени севган ва мен уларни севганларимни афв этгин...
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени ҳаққимга ортимдан ғоибона дуо қилганларни ва мени дуо қилишга ундаганларни ҳам афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизни зиммамизда ғамхўрлик қилишимиз ва адо этишимиз лозим ҳақлари бўлган ва биз улар хусусида сусткашлик қилганларимизни афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизнинг вафот этган марҳумларимизни ва мусулмонларнинг марҳумларини афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Барча ушбу дуоимни ўқиб “омийн” деб турганлари афв этгин.
Омийн, омийн, омийн.