Рамзбек домла Раҳимов, Янгиариқ тумани бош имом-хатиби
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” мавзусида илмий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, миллий меросни ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 200 га яқин имом-хатиб ва имом ноиблар, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти тингловчилари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари иштирок этди.
Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой экспозициялари, замонавий кутубхонаси, нодир қўлёзмалар фонди ва рақамли технологиялар асосида ташкил этилган илмий-маърифий платформаси билан яқиндан танишдилар.
Экскурсия давомида иштирокчиларга мамлакатимиз ҳудудида шаклланган қадимги цивилизациялар тарихи, ислом динининг Марказий Осиёдаги тараққиёт босқичлари, буюк муҳаддислар, мутафаккирлар ва алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг бой илмий-маънавий мероси, уларнинг инсоният цивилизацияси тараққиётидаги аҳамияти ҳамда Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари Марказда яратилган замонавий инфратузилма, бой илмий муҳит ва тадқиқотчилар учун тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида юқори фикр билдирдилар.
Хоразм вилояти Гурлан туманидаги жоме масжиди имом-хатиби Музаффар Авезовнинг таъкидлашича, Марказ қурилишининг дастлабки босқичлариданоқ мазкур лойиҳа диний ва илмий жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган.
“Бу марказ қурилаётган пайтларда ҳам бир неча бор ташриф буюриб, жараёнларни кузатганмиз. Бугун унинг тўлиқ шаклланган ҳолатини кўриб, катта таассурот олдик. Айниқса, қадимги цивилизациялар тарихи, ислом маданияти тараққиёти, Ренессанс даврлари мероси ва Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ягона концепция асосида намоён этилгани таҳсинга сазовор. Бу ердаги ҳар бир экспозиция инсонни илмга, изланишга ва тафаккурга чорлайди”, — деди у.
Музаффар Авезов, айниқса, Марказ кутубхонаси имкониятларини юқори баҳолаб, бой китоб фонди, нодир манбалар ҳамда рақамли технологиялар асосида яратилган қулайликлар илмий тадқиқотлар учун кенг имкониятлар очиб бераётганини таъкидлади.
Андижон вилояти Асака туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди имом-хатиби Хурсандбек Камолов ҳам Марказнинг халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий майдон сифатида шаклланаётганига эътибор қаратди.
“Илгари машҳур хорижий кутубхоналар ва илмий марказлар ҳақида эшитар эдик. Бугун эса шундай имкониятлар ўз юртимизда яратилганига гувоҳ бўлдик. Нодир қўлёзмаларнинг рақамлаштирилган шаклда тақдим этилиши, улардан эркин фойдаланиш имкониятлари тадқиқотчилар учун жуда муҳим. Бу марказ ёшларда илмга муҳаббат, миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — деди у.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилган илмий-маърифий муҳит, бой китоб фонди, нодир қўлёзмалар хазинаси ва инновацион технологиялар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, маънавий меросни чуқур ўрганиш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.