Қийин вазиятларга тушиб қолганда ёрдам берадиган одам бўлса, бу сиз учун бебаҳо инъомдир. Биз кўпинча энг қийин дамларда ёнимизда қоладиган одамларнинг борлигини ёки қадрини сезмаймиз. Улар қўлимиздан тутиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ўзимизга ишонмай қолсак ҳам, ҳаммаси яхши бўлишига бизни ишонтириб, далда берган бўлишади.
Ўзаро муносабатларнинг ҳақиқий кучи айнан шундай пайтларда қийин бўлганда намоён бўлади. Демак, муҳаббат нафақат қувончли дамларда бирга қувониш, балки ҳар қандай синовдан ўтишда елкадош бўлиш, матонат ва ғамхўрлик кўрсатишдир. Бу сўз билан ўлчанмайдиган, балки ҳаракатларда намоён бўладиган ҳақиқий ҳиссиётдир. Хўш, сизнинг ана шундай бебаҳо яқинларингиз борми? Бор бўлса, ҳаётдаги майда муаммолар олдида ҳечам ғам еманг. Билсангиз, сиз энг бахтиёр бандалардан экансиз!..
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам га кўп салавот айтиш ризқларни кўпайтиради, баракаларни зиёда қилади, ҳожатларни қондириб беради, ғам-ташвиш ва барча қайғуларни кетказади".
Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: "Агар мўминлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилатини билганларида, тиллари ҳеч қачон ундан тўхтамас эди. Албатта, Пайғамбарга салавот айтиш қалбингдаги барча ниятлар ижобат бўлишига сабаб бўлади. Унинг самараларидан бири — Қиёмат куни сирот кўпригида собит туриш ва ундан ўтишга ёрдам бериши".
Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар Аллоҳ бир бандасига яхшиликни истаса, унинг тилини Муҳаммад ﷺ га салавот айтишга осон қилади".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтишда қуйидаги фазилатлар бор: "Гуноҳлар кечирилиши, хатоларнинг ювилиши, дуоларнинг қабул бўлиши, ҳожатларнинг қондирилиши, қийинчилик ва ғамларнинг кетиши, яхшилик ва баракаларнинг келиши, Ер ва Осмон Роббисининг розилигига эришиш. Шунингдек, у қабрда эгаси учун нур бўлади ва турли балолардан нажот беради".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш сенинг ғамингни кетказади ва гуноҳларингни кечирилишга сабаб бўлади. Шу билан сен дунё ва охират бахтига эришасан.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам унга салавот айтиб, салом йўлланглар”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ