Қийин вазиятларга тушиб қолганда ёрдам берадиган одам бўлса, бу сиз учун бебаҳо инъомдир. Биз кўпинча энг қийин дамларда ёнимизда қоладиган одамларнинг борлигини ёки қадрини сезмаймиз. Улар қўлимиздан тутиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ўзимизга ишонмай қолсак ҳам, ҳаммаси яхши бўлишига бизни ишонтириб, далда берган бўлишади.
Ўзаро муносабатларнинг ҳақиқий кучи айнан шундай пайтларда қийин бўлганда намоён бўлади. Демак, муҳаббат нафақат қувончли дамларда бирга қувониш, балки ҳар қандай синовдан ўтишда елкадош бўлиш, матонат ва ғамхўрлик кўрсатишдир. Бу сўз билан ўлчанмайдиган, балки ҳаракатларда намоён бўладиган ҳақиқий ҳиссиётдир. Хўш, сизнинг ана шундай бебаҳо яқинларингиз борми? Бор бўлса, ҳаётдаги майда муаммолар олдида ҳечам ғам еманг. Билсангиз, сиз энг бахтиёр бандалардан экансиз!..
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқотларни изчил ташкил этиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилишда самарали тизим йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 25 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов томонидан ўтказилган навбатдаги қабул ҳам ана шу эзгу ишларнинг изчил давоми бўлди. Унда мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг масаласи алоҳида диққат билан тингланиб, ечимлари юзасидан чоралар кўрилди.
Қабул давомида оилавий муносабатлар, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш, шунингдек, масжидлар фаолиятига оид саволлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, моддий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг дарду ташвишларига бефарқ бўлмасликни намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати