Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448
Мақолалар

Шариъат номидан гапиришга шошилманг!

24.12.2025   16968   7 min.
Шариъат номидан гапиришга шошилманг!

Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.

 

Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.

21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).

Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

10.08.2026   9707   15 min.
Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас

 

Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
 

1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.


Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқингояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.


2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:


Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.


Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.


Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.


3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.


Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.


4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.


Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир дедилар» [Соф сураси, 6-оят].


Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.


5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.


6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].


Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].


Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.


Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.


Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.


Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.


7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.


1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].

Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].

Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.

Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].

Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.


2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].


Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].


Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!


Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.


3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.


Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.


Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.


Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.

Нурмуҳаммад Маткаримов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими


Мазкур мақолага 

.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган

Мақолалар