Жорий йил 27 декабрь куни Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Инсон қадри" номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Китоб тақдимотида вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов томонидан ушбу китобда ислом таълимотига кўра инсоннинг ҳақиқий қадри унинг ташқи кўриниши, бойлиги ёки мансаби билан эмас, балки қалб поклиги, нияти, одоб-ахлоқи ва эзгу амаллари билан ўлчаниши Қуръон ва суннат асосида ёритиб берилганлиги, асарда инсон қадри, тарбия, илм-маърифат, соғлом турмуш тарзи, ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарнинг ҳаётдаги ўрни содда ва халқчил услубда баён этилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Андижон вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати